Logo

Охирги 6 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этди

Сентябрь 24, 2023. 12:23 • 2 дақ

212
Охирги 6 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этди

ТОШКЕНТ, 24 сентябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.



Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, мулоқот чоғида томонлар жорий қўшма лойиҳа ва келишувларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини атрофлича кўриб чиқдилар.


Бугунги кунда Қозоғистон Президентининг 2022 йил декабрь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида имзоланган 7 та савдо шартномаси ва 24 та қўшма инвестициявий битим амалга оширилмоқда. Самимий руҳда кечган суҳбат ушбу келишувларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича кўрилаётган чораларни ўзаро мувофиқлаштириш имконини берди.


Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ўсишининг ижобий динамикасини мамнуният билан қайд этдилар. Охирги 6 йилда бу кўрсаткич қарийб 2,5 баробар ошиб, 4,6 миллиард долларни ташкил этди. Шу нуқтаи назардан, ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва кўламини кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.


Хусусан, озиқ-овқат, тўқимачилик, автомобиль, электр жиҳозлари, қора металлар, нефть-газ маҳсулотларини етказиб бериш ҳисобига савдо кўрсаткичларини яқин йилларда 10 миллиард долларгача ошириш бўйича қўшимча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жорий йилнинг баҳорида ташкил этилган ва ўтган ойларда 1,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлган қўшма ташқи савдо компанияси бунга ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш